Мамлакатимизда “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида оммавий юриш ва спорт тадбирлари ўтказиш яхши анъанага айланмоқда. Жумладан, бугун Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳам ана шундай тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди.

Туман ички ишлар бўлими ташаббуси билан ҳамкор ташкилотларни жалб этган ҳолда ўтказилган марафонда барча шахсий таркиб фаол қатнашди ва бошқа соҳа вакилларига ҳар томонлама ибрат бўлдилар.

Марафон туман марказидаги Рошидоний кўчасидан бошланиб, Фаровонлик кўчасигача давом этди. Иштирокчилар фаол юришдан сўнг спорт мураббийлари ёрдамида эрталабки бадантарбия машғулотларини ҳам бажардилар.

Ушбу тадбирда ички ишлар органлари ходимлари билан бирга, ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи 1000 нафардан зиёд аҳоли вакиллари ҳам иштирок этди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.