Кун қаҳрамони
Жонрид Примқулов асли Ховос туманидан. Отаси Тангирқул ака жуда сермулоҳаза, узоқ йиллар халқ хизматида бўлган инсон сифатида ўғлининг тарбиясига катта эътибор қаратди. Ота тарбияси натижа бериб, ўғли Гулистон давлат университети талабаси бўлганида оилада шод-хуррамликни кўрганингизда эди. Талабаликнинг олдин даври ҳақиқий ҳаёт мактаби бўлди. У бу ерда ҳам отасининг ўгитларини унутмади. Талабалар орасида эътиборга эга бўлиш билан бирга, етук мутахассис сифатида шакллана бошлади. Билими, интилувчанлиги, ўзига нисбатан талабчанлиги Сирдарё вилояти Иибнинг кадрлар бўйича масъулларининг эътиборини тортди. Ички ишлар органлари томонидан ўтказиладиган тарғибот тадбирларининг фаол иштирокчиси бўлган йигитга ички ишлар органларининг эшиги очилди.
Жонрид Примқулов дастлаб Мирзаобод тумани ХПБ инспектори, сўнгра Турғун Аҳмедов номидаги маҳалланинг профилактика инспектори этиб тайинланди.
Аввалига янги профилактика инспекторини маҳалла аҳли бегонасираб кутиб олди. Ростда, инпекторлар келиб кетаверади. Мааҳалланинг муаммолари ечилмай қолаверади. Оилавий низолар, майда ўғирлик, безориликлар давом этаверади. Лекин бу гал ундай бўлмади. Жонрид Примқулов маҳалла раиси ва унинг оила, диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ўнг қўлига айланди. Маҳалладаги ҳар бир кўча ва оилалар билан бирма-бир таниша бошлади. Нотинч оилалар, жиноятга мойил шахсларнинг рўйхатини тузди. Улар билан ишлаш бўйича режа тузиб олди. Саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. 2021 йилда жиноячилик кескин камайди. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилмади. Безориликларга чек қўйилди. Нотинч оилалар сони 30 тадан 12 та тушди. Уларнинг аксарияти яраштирилди.
Жонрид томонидан амалга оширилган ижобий ишларнинг яна бири маҳаллада соғлом турмуш тарзи, спортни тарғиб қилишга оид чора-тадбирлар кўламини кенгайтиргани бўлди. Ўтган йили минифутбол, кураш, енгил атлетика бўйича 15 та тадбир ташкил этди. Маҳалланинг минифутбол жамоаси шакллантирилди. Маҳалла аҳли орасида жисмоний тарбия, югуриш, узоқ масофага юриш каби эзгу одатлар оммалашди. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг олдин олишда, ўзаро самимийлик, ҳамжиҳатликнинг илдиз отишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
