Шерзодбек Нуриддинов Ўзбекистон Миллий университетини тамомлагач, Андижон вилояти телерадиокомпаниясида махсус мухбир бўлиб ишлай бошлади. У Ўзбекистон Қуролли Кучларида хизмат қилиб қайтганидан сўнг ўз фаолиятини вилоят телевидениесида давом эттирди. 2017-йилда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиниб, Жамоатчилик билан алоқалар ташкилий бўлими гуруҳ инспектори сифатида хизмат олиб борди. Орадан маълум вақт ўтгач, лейтенант Ш. Нуриддинов вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари, бошқарма бошлиғининг матбуот котиби этиб тайинланди.

Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати ходимлари “Телеграмм” тармоғида ички ишлар бошқармасининг расмий каналини юритиб, унга бўлинмаларда юз бераётган ҳодисалар ҳақидаги материалларни жойлаб боришмоқда. Бундан ташқари, онлайн режимда ҳодисаларни батафсил ёритиб берувчи видеороликлар мунтазам бериб борилади. Ҳар ҳафта охирида сайтда ҳафталик воқеалар дайжести эълон қилинади.

Капитан Шерзодбек Нуриддинов ёш бўлишига қарамай, тажрибали раҳбар ва профессионал журналистдир. Матбуот хизмати материаллари “Ўзбекистон-24” телевизион каналида ва вилоят телевидениесида мунтазам равишда намойиш этилади.

Борис КЛЕЙМАН,

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.