Самарқанд давлат тиббиёт университетида бакалавр босқичини якунлагач, ординатурада жарроҳлик йўналишида ўқиди. Дастлаб иш фаолиятини Навоий шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида бошлаб, кейинчалик кичик жарроҳлик амалиётларида қатнашиб, тажриба ва малака тўплади. 

Шу йили уни вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими ҳарбий-тиббий комиссиясининг эксперти—шифокор-жарроҳи лавозимига таклиф этишди. Шундан кейин шаҳодатланган ходим сифатида хизматга кирди ва ички ишлар органи ходими бўлишни мақсад қилган ўғил-қизларни тиббий кўрикдан ўтказишга ўз ҳиссасини қўша бошлади. 

Орадан бир неча йил ўтиб, ташаббускор, билим ва салоҳияти етарли қаҳрамонимиз ҳарбий-тиббий комиссия раиси лавозимида хизматини давом эттирди. 

Маёр Абдували Холмирзаев айни пайтда Тиббиёт бўлими поликлиникаси бошлиғи, мутахассис жарроҳи. У вилоят ИИБ шахсий таркиби ва Иивга қарашли ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларини, тизимдаги таълим муассасаларига ўқишга ва вилоят Иибга хизматга кираётган номзодларни ҳамда фахрийлар ва уларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказади. Шунингдек, жарроҳлик амалиёти зарур касаллик аниқланганда, беморларни ўз вақтида диспансер назоратига олиб, соғломлаштириш чораларини кўради. Амбулатор ва стационар шароитда даволанишини назорат қилади. Бундан ташқари, ходимларнинг саломатлиги бўйича хулосаларни қонунчиликка кўра тасдиқлайди. 

Лавҳамиз қаҳрамони доимий равишда ходимлар ва ҳарбий хизматчилар учун саломатлик тарғибот тадбирларини ташкил этишда ташаббус кўрсатиб келади. «Ўткир респиратор касалликларнинг олдини олиш», «Семизлик – бу касаллик», «Соғлом овқатланиш – узоқ умр гарови» каби мавзулардаги кўплаб профилактик тадбирларда, диспансер назоратидаги бемор ходимлар ва фахрийларни вақти-вақти билан чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни ўтказишда жонкуярлик билан иштирок этади. Мутахассис сифатида керакли тавсияларини беради. 

Мисол учун, яқинда Абдували Холмирзаев истеъфодаги сержант Бекпўлат Гадоевни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида қорин соҳасида қандайдир ҳосила борлигини гумон қилди. Гарчи беморнинг ҳеч қандай шикояти бўлмаса-да, жарроҳ уни ултратовуш текширувидан ўтказди. Қон таҳлилига буюрди. Ташхис хулосасига кўра, беморда қоринолди девори орттирилган чурраси аниқланди. Шифокор жарроҳлик амалиёти билан уни бартараф этиш мумкинлигини айтди. Бекпўлат Гадоев жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Айни пайтда аҳволи қониқарли.

Сўнгги сўз ўрнида айтаримизки, орамизда маёр Абдували Холмирзаев сингари сўз-у амалидан ҳаёт нафаси уфуриб турган жонкуярлар борлигига шукур.  

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.