ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинларига қарашли Фарғона шаҳридаги 7253-ҳарбий қисмда ўз касбига меҳри баланд бўлган офицер ва ҳарбий хизматчилар кўпчиликни ташкил этади.
Улардан бири, назоратчи-ўқчи лавозимида хизмат қилаётган оддий аскар Қаҳрамон Ваҳобовдир.
Лавҳамиз қаҳрамони 1994-йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. У 2005-йилдан спортнинг бокс ва кикбокс турлари билан мунтазам шуғуллана бошлаган. Ўтган давр мобайнида бир қатор республика ва халқаро даражадаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олди.
2020-йилда ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизлигини таъминлаш қўшинларига шартнома асосида хизматга қабул қилинганидан сўнг, универсал жанг ва қўл жанги билан ҳам ошно тутинди. Мазкур йўналишда вилоят ва республика чемпионатларида фаол иштирок этиб, совриндор бўлди.
–Ҳарбий қисмимизда осойишталик посбонларини она-юртга меҳр-муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш йўлида барча шароит ва имкониятлар яратилган, – дейди оддий аскар Қ. Ваҳобов. – Масалан, футбол ва волейбол майдонлари, энг муҳим анжомлар билан жиҳозланган қишки спорт зал шулар жумласидандир. Айниқса, ҳарбий хизматчилар учун универсал жанг ва қўл жанги зарур спорт турлари саналиб, бу борада ташкил этилаётган машғулотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен ҳам ўз устимда тинимсиз изланиб, келгусида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда давлатимиз байроғини янада юқори кўтариш ниятидаман.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
