Ҳаром бойлик кишига ҳеч қачон буюрмаган, буюрмайди ҳам. Лекин хом сут эмган банда ҳамиша бундан ўзига тегишли хулоса чиқаравермайди. Шофирконнинг Шибирғон қишлоғида яшовчи, 1988-йилда туғилган Ў. Дониёр (исмлар ўзгартирилди) ҳам ишламай пул топишни ўйлаб юрарди. Буни қарангки, кутилмаганда “ўлжаси” чиқиб қолди. Азонлаб, соат 05:30 ларда туманнинг Шофиркон шоҳ кўчасида жойлашган “Стар маркет” савдо мажмуаси олдида қаровсиз қолдирилган сумкани ўғирлаб қочди...
Бир чеккага ўтиб, ўғирланган сумкани ковлаштирди. Унинг ичидан баҳоси 100 минг сўмлик бир жуфт эркаклар этиги, нархи 60 минг сўмлик хизмат кийими, нархи 25 минг сўмлик телефон қувватлагич, 700 минг сўм нақд пул, фуқаролик паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномаси чиқди. Сумканинг ҳақиқий эгаси Гулистон маҳалласида яшовчи Н.Икром бўлиб, у танишининг уйига кираман-у чиқаман деб, ичкарига йўналганида сумкаси ўғирланди.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб боришди. Бунинг натижасида Ў. Дониёрнинг ўйламай қилган иши фош этилди. Айни пайтда гумон қилинувчи Ў. Дониёрга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
