Хоразм вилоятида ўтказилган «Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун» махсус профилактик тадбири давомида бозорлар, корхона ва ташкилотлар, ўқув ва даволаш муассасалари ҳамда жамоат жойларида ўрганиш ишлари олиб борилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Хонадонларда паспорт-виза ҳамда ов қуролларини сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текширишлар ўтказилди. 

Муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил бўлган ҳамда профилактик ҳисобга олинган шахслар билан якка тартибда суҳбатлар олиб борилди. Жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахсларни излаб топиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида тезкор тадбирлар амалга оширилди. Йўл ҳаракати ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаган шахс­ларга нисбатан ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. 

Ўтказилган тезкор тадбир­да шунингдек, Жиноят кодекси­нинг тегишли моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган янгиариқлик Х.Х. Урганч шаҳрида қўлга олиниб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Ҳазорасп тумани ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув гуруҳи ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса «Буюк сиймо» маҳалласида яшовчи К.Т. ўз хонадонида 30250 дона «Британик» ёзувли пиротехника воситаси, «Милано» ёзувли 1749 қути тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани маълум бўлди. 

Умуман олганда, тадбир давомида турли ҳуқуқбузар­ликлар содир этган 53213 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шундан белгиланган қонун талабларини бузгани учун 231 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Жиноят содир этиб, суд ҳамда тергов органларидан қочиб юрган 37 киши қўлга олиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ихтиёрига топширилди. Очилмай келинаётган 24 та жиноят фош қилинди. Шунингдек, тадбир давомида ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалар ҳам аниқланиб, уларга тегишли ташкилотлар ҳамда муассасалар ҳомийлигида амалий кўмак берилди. 

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.