Кун қаҳрамони
Муроджон Байжанов 1975 йилда Хива туманидаги Сайёд қишлоғида туғилган. 1996 йил Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва Жцбга хизматга қабул қилинган. 2003 йил вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ ППХ баталони ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш махсус отрядида хизмат фаолиятини давом эттирган. 2013 йилдан буён вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ ППХ баталони 2-отряд бўлинма командири вазифасида хизмат қилмоқда.
Сержант Муроджон Байжанов зиммасига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндашиб, ўз вақтида бажаришга астойдил ҳаракат қилади. Шунингдек, у хизмат фаолияти давомида кўплаб ёш ходимларга устозлик қилиб, уларнинг билим ва касбий маҳоратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Қаҳрамонимиз ўтган йил давомида турли ҳуқуқбузарликлар содир этган ҳамда шубҳа остига олинган 1148 нафар фуқаронинг шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органлари таянч пунктига олиб келган. Шундан 17 нафарига профилактика инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 21 нафари наркология диспансерига жойлаштирилган. Сержант Муроджон Байжанов содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош этишда, муқаррар жазодан яшириниб юрган кимсаларни қўлга олишда ҳам фаол иштирок этиб келаяпти.
Нотаниш кимсалар Урганч шаҳридаги Партов кўчасида жойлашган дўкон эшигини бузиб, у ердан баҳоси 1 миллион 770 минг сўмлик турли буюмларни ўғирлаб кетишади. Ҳодиса жойи яқинида хизмат вазифасини ўтаётган ППХ баталони 2-отряд бўлинма командири, сержант Муроджон Байжанов ўғирлик тафсилотини эшитгач, ҳамкасби билан ўша худудни дарҳол назоратга олишади. Орадан кўп вақт ўтмай, кўп қаватли бинолар орасида шубҳали кимса пайдо бўлади. Бўлинма командири ҳамроҳига ўша кимсани таъқиб қилишни буюради ва ўзи “тунги шарпа”га пешвоз чиқади. Кутилмаган бу ҳолатдан саросимага тушган ўғри қўлидаги қопни ташлаб қочмоқчи бўлади. Аммо осойишталик посбонлари уни бир зумда қўлга олишади.
Сержант М. Байжанов коронавирус пандемияси сабаб оғир ва синовли дамларда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказилган кўплаб тадбирларда фаол иштирок этди. Хайрия аксияларида, тарғибот тадбирларида қатнашди. Хизмат вазифасини бажаришда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бу йигит бир неча бор бошқарма раҳбарияти томонидан рағбатлантирилган.
Қаҳрамонимиз жорий йилнинг январ ойида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашишдаги фидойи хизмати учун Ички ишлар вазирлиги томонидан ИИ-даражали “Ички ишлар оганларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
Асрор ЖУМАНИЁЗОВ олган сурат.
