Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, ички ишлар органлари масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, танловнинг шаҳар-туман босқичи ғолиблари иштирок этди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” номинасиясида Чироқчи тумани “Мустақиллик” маҳалласидаги 6-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика инспектори, капитан Жасур Жумаев) ғолиб деб топилди. Навбатдаги совринли ўринлар эса Қарши шаҳри “Ойдин” маҳалласидаги 1-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика инспектори, катта лейтенант Асқар Маматов) ва Китоб тумани “Пахтаобод” маҳалласидаги 3-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика инспектори, катта лейтенант Йигитали Ғаниэв)га насиб этди.
Танловнинг “Энг фаол сектор раҳбари” номинасиясида Миришкор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Мусурмон Бўриев томонидан амалга оширилган ишлар юқори баҳоланиб, ғолиблик дипломи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бундан ташқари, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор”, “Энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг фаол вояга етмаганлар масаласи бўйича инспектор-психолог”, “Энг фаол пробасия хизмати инспектори”, “Энг фаол ЙПХ инспектори”, “Энг фаол ППХ инспектори” каби 11 та номинасия бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.
Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари диплом, қимматбаҳо совға ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Суҳроб ҚАЛАНДАРОВ,
сафдор.
Қашқадарё вилояти.
