Айни кунларда республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлиб, жорий йилнинг 

27-октабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун ўтказиладиган сайловлар, шунингдек, тураржойлар ва ижтимоий-иқтисодий соҳа объэкт­ларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишяпти. Чунончи, ишчи гуруҳ таркибида бўлган Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов сайлов комиссиялари ва участкаларида сиёсий тадбирни ўтказиш учун яратилган шароитларни ўрганмоқда. 

Бунда асосий эътибор сайлов арафасида ҳамда овоз бериладиган куни жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд 553 та сайлов участкасига кузатув қурилмаларининг ўрнатилиши, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилаётир. Айни мақсадда вилоят ички ишлар бошқармасида ҳокимлик, секторлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ва профилактика инспекторлари иштирокида йиғилиш ташкил қилинди.

Йиғилишда сайловга тайёргарлик кўриш, хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш штаби ҳамда жойларда тузилган ишчи гуруҳлар аъзолари ва профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объэктларини куз-қишга тайёрлаш, ёнилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини ташкил этиш, энергия манбалари захираларини яратиш, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, вазир ўринбосари иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объэктлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2024–2025-йиллар куз-қиш даврига тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш ҳудудий штаблари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда қозонхоналарда бўлиб, қишга тайёргарлик ишлари сифатини текширмоқда. Ўз навбатида, аниқланган камчиликлар бартараф қилинаётир.

Алижон АБДУСАТТОРОВ, 

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.