Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратишдан иборатдир. Мазкур тизимга қаратилган бундай эътибор мамлакатимиз тараққиёти ва барқарор келажакнинг гарови саналади. Юртимизда бошланган конституцион ислоҳотлар бу йўлдаги муҳим қадам ҳисобланади.
Масалан, Асосий қонунимизнинг таълимга тааллуқли 41-моддасини қуйидагича таҳрирда қабул қилиш таклиф этиляпти: “Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашади. Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди. Бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлади. Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади.
Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди. Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади...”
Бу эса таълимнинг барча турларини ривожлантиришга ҳамда маърифат, илм-фан тараққиётига замин ҳозирлаб беради. Конституциямизга киритиладиган бундай ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимиз илм-фани ва маърифатининг юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Асроржон САТТОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
маёр.
