Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, полковник Б.Абдуллаэв бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида бўлиб турибди.

Кун кеча вазирлик ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида “Тарғибот автокарвони” ташкил этилди.

Инсонда шундай одат борки, қилмишнинг оқибатини тушуниб етмагунича ёки кўзи билан кўрмагунича ундан қайтмайди. “Тарғибот автокарвони”нинг мақсади фуқароларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик қандай аянчли оқибатларга олиб келишини кўрсатиш ва шу орқали уларни хушёрликка чорлаш бўлди.

Автокарвон гавжум жойларда бир муддат тўхтаганида мутахассислар томонидан фуқароларга йўлларда ҳаракатланиш маданияти тарғиб қилинди.

Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, шу куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари Фарғона шаҳридаги “Автомобилист” хусусий корхонасига тегишли автомобилларга газ қуйиш шахобчаси ва “Фарғона техник кўрик” хусусий корхонасига қарашли транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш диагностика марказлари фаолияти билан ҳам танишган.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.