Навоий вилоятининг барча шаҳар-туманларидаги “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларга “Тарғибот карвони” уюштирилиши режалаштирилди. Дастлаб тадбирга жалб этилган вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ, Кармана тумани ИИБ ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат шакллантирилган гуруҳлар билан йўриқнома ўтказилди.
Шундан сўнг “Тарғибот карвони” аъзолари Кармана туманидаги “қизил” тоифага киритилган 17 та маҳалла ҳудудида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида соҳавий хизматлар ходимлари билан ҳамкорликда кенг қамровли тадбирлар ўтказишди. Жумладан, фуқаролар ҳушёрлик ва сергакликка даъват этилди. Манзилли тарғибот тадбирлари давомида хонадонлар, умумий овқатланиш шохобчалари ва савдо дўконларига кирилиб, ҳудудий профилактика инспектори ҳамда туман ИИБ раҳбариятининг телефон рақамлари ёзилган ташриф қоғозлари, огоҳликка чақирувчи тарғибот буклетлари тарқатилди.
Профилактик тадбирлар жараёнида асосий эътибор маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, тунги вақтларда фуқаролар осойишталигини таъминлашга қаратилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида ўз яшаш хонадонида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, кўчада йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда карантин талабларига амал қилишлари лозимлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Маҳалла ҳудудига келиб-кетаётган шубҳали шахсларни кўрганда ёки ножўя ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда, дарҳол Иибга хабар қилиш кераклиги эслатилди. Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
