Ватанимиз ҳудудида илк давлат бирлашмалари вужудга келиши билан уларнинг чегараларини ташқи душмандан ҳимоялаш, аҳолининг тинчлигини таъминлаш, кишилар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларда тартиб ўрнатиш, шаҳар-қалъаларни қўриқлаш зарурияти ҳам туғилган, бу эса ўз навбатида муайян аниқ вазифаларга эга бўлган тартиб ўрнатувчи тузилмаларнинг вужудга келишига тўртки бўлган.

Жумладан, милоддан аввалги И мингйилликда Ўрта Осиёда кенг тарқалган зардуштийлик динининг муқаддас китоби «Авесто»да давлатчилик, сиёсий-ҳуқуқий ғоялар, одамлар ўртасидаги мулкий, никоҳ ва оила муносабатларини тартибга солувчи ижтимоий нормалар, жиноят ва жазо, суд ва суд амалиёти масалалари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. 

Маълумот учун: мил.авв. ИИ минг йиллик ўрталарида Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган Зардуштийлик динининг муқаддас китоби. «Авесто» 21 китобдан иборат бўлган. Абу Райҳон Берунийнинг «Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида таъкидланишича, Эрон шоҳи Доро даврида 12 минг қора мол терисига зарҳал харфлар билан битилган. Ватанимизда «Авесто»нинг 2700 йиллиги нишонланиши муносабати билан у илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, 2001 йилда нашр этилди.

«Авесто»да жиноят учун жазонинг маълум тизими белгиланган: ўлим жазоси, қамоқ, жисмоний жазо (калтаклаш), гуноҳни ювиш (етказилган зарарни қоплаш), бадарға қилиш, қондошлик ўчи. Такрорий жиноятлар ҳақида ҳам тўхталиб, улар учун янада оғирроқ жазо белгиланади. Шунингдек, суд масалаларига эътибор берилиб, одил судлов учун махсус мўлжалланган шахслар ҳақида маълумот берилади.

Жиноят турлари қуйидагича тизимлаштирилган:

- динга қарши жиноятлар (бидъат, бошқа дин вакили билан никоҳга кириш, руҳонийнинг вазифасини ғайриқонуний бажариш, даҳрийлик (атеизм);

- ахлоққа қарши жиноятлар (қасддан ёки жазава ҳолатида ҳужум қилиш, таҳдид қилиш, шифокорнинг зиён етказувчи ҳаракати, ҳомилани нобуд қилиш, регул ва ҳомиладорлик пайтида аёлнинг соғлиғига зарар етказиш);

- шахсга қарши жиноятлар (қасддан одам ўлдириш, баданга оғир ва енгил тан жароҳатларини етказиш);

- мулкий жиноятлар (ўғирлик, талон-торож, хасислик, босқинчилик, фирибгарлик, олинган қарзни қайтармаслик);

- ҳайвонларга қарши жиноятлар (ҳайвонларни ўринсиз нобуд қилиш, уй ҳайвонларини таҳқирлаш);

- табиат кучларига қарши жиноятлар (ер, сув, ҳаво, олов ва ўсимлик дунёсига зарар етказиш).

«Авесто»да такрорий жиноятлар ҳақида ҳам тўхталиб, улар учун янада оғирроқ жазо белгиланган. Шунингдек, «Авесто» матнларида суд масалалари, одил судлов учун масъул бўлган шахслар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

Азиза ЖОНИЕВА тайёрлади.