Шу йилнинг 8-август куни соат 01:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталъони туманлараро бўлинмаси ходими, сафдор Шаҳзод Саидов ҳамда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Ҳабиб Абдураҳмоновлар ўзларига бириктирилган йўналишда хизмат олиб боришаётганида туман Марказий шифохонасининг гемодиализ бўлими рўпарасидаги травмпункт биносининг орқа томонидан ўтаётганларида чақалоқ йиғисини эшитиб қолишади. Дарров атрофни синчковлик билан кўздан кечиришади. Буни қарангки, девор ёнида яшил рангли пакет ичида ўғил бола жинсига мансуб чақалоқни кўришади.
Осойишталик посбонлари зудлик билан чақалоқни туман Тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига келтиришади. Чақалоқ шифохонага ётқизилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади ва соҳа мутахассислари назоратига олинади. Уларнинг айтишича, чақалоқ тахминан 3–5 кунлик соғлом ҳолатда экан.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу чақалоқ 2023 йилнинг 4 август куни яшаш хонадонида ҳеч қандай тиббиёт ходимларисиз соат тахминан 08:00 лар атрофида дунёга келтирилган ва 7 август куни соат 21:00 атрофида онаси: 1995 йилда туғилган, Қоракўл тумани “Мироб” маҳалласида яшовчи Б.З. исмли аёл томонидан ташлаб кетилгани фош этилди. Ҳозирги пайтда ҳолат ҳамда уни келтириб чиқарган сабаб ва омилларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
