Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг хизматини муносиб баҳолаш, уларнинг оилаларига, хусусан, фарзандларига яратиб берилаётган имкониятлар эътибор марказида. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири – ички ишлар ходимлари фарзандларига олий таълим муассасаларига киришда тавсияномалар тақдим этилаётганидир. Вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган 169 нафар ходимларнинг 185 нафар фарзандларига олий таълим даргоҳларига ўқишга киришлари учун тавсияномалар топширилди. Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов ёшларга тавсияномаларни тантанали тарзда тақдим этар экан, улар учун яратилган қулайликларни эътироф этди.
Умумтаълим мактабини тамомлаб олий таълимга кириш – муҳим ва масъулияли қадамдир. 185 нафар ёшларнинг ичида Маржона Латипова ҳам бор. У Самарқанд Давлат чет тиллар институтига ўқишга кириш истагида. Бу ёшларга берилган ишонч, имтиёз ва имкониятдир.
Бу оддий бир ҳужжат эмас. Бу меҳнат ва садоқатга нисбатан эътироф рамзи. Бу тавсиянома орқали ёшлар фақат олийгоҳга кирибгина қолмайди, балки унинг ортида отасининг ёки онасининг юрти учун қилаётган фидокорона хизматлари, хавф-хатарларга қарши турган онлари ҳам бор. Бу адолат, бу эътибор, бу халқ ва давлат бирдамлигининг тимсоли.
Шу ўринда фарзандининг таълим олиши учун берилаётган тавсиянома ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ҳар бир ота-онага ўз касбига садоқат, келажакка ишонч бағишлашини ҳам таъкидлаш жоиз.
Самарқанд вилояти.