Ақлли, мулоҳазали кишининг сўзи ҳар ерда ўтади. У енг шимариб, шижоат билан ишга киришса, бошқалар ҳам эргашади. Ёшларни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш, жиноятларнинг олдини олиш, ажралиш ёқасида турган оилаларни яраштириш каби ибратли ишларга бош бўлишга кўпни кўрган, тажрибали меҳнат фахрийларининг жалб этилаётгани яхши самара бермоқда. Бунда, айниқса, ички ишлар органлари фахрийларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор.

Наманган шаҳрида яшовчи истеъфодаги капитан Сайфиддин Турғунов кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишларига бош-қош бўлмоқда. Айниқса, унинг ташаббуси билан жорий йил бошидан буён 12 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

«Бир нуроний — ўн ёшга масъул» шиори остида тизимли тадбирлар самараси ўлароқ, кўплаб фахрийларимиз бой ҳаёт тажрибалари асосида ёшларга тўғри йўл кўрсатиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга муваффақ бўлишди. Лавҳамиз қаҳрамони ҳам ўзига бириктирилган 10 нафар ёш билан манзилли ишларни ташкил этди. Уларнинг икки нафари мономарказга касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди, икки нафари ишга жойлаштирилди. Олти нафар ёшнинг оиласи ажралиш ёқасида турганлигини аниқлаб, яраштириш чораларини кўрди. 

Сайфиддин ака ички ишлар органларидаги илк хизмат фаолиятини 1983-йилда Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида бошлаган эди. 1990 – 1994-йилларда Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими 2-марказий қўриқлаш пулти бошлиғи, 1994–1996-йилларда Наманган вилояти ИИБ ЖЦБ конвойлик хизмати раҳбари бўлиб ишлади. 1996–1998-йилларда вилоят ИИБ ЖЦБ Марказий хизмат питомнигига бошчилик қилди. Шу давр ичида давлат ва халқ мулкини ишончли қўриқлашга катта ҳисса қўшиш баробарида, кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирди.

Сайфиддин аканинг жамоат ишларидаги фидойилиги ҳам муносиб баҳоланди. У Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан мукофотланди. Ҳаётий тажрибаларига таяниб кўпчиликни тўғри йўлга йўналтираётган Сайфиддин ака каби фахрийларимиз билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. 

Гулчеҳра 

БУВАМИРЗАЕВА, 

ўз мухбиримиз. 

Наманган вилояти.