Эрталабки соат етти бўлмасидан Хива тумани ИИБ Навбатчилик қисмига ўғрилик жинояти содир этилгани ҳақида хабар қилиб қолишди. Зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига етиб борди. Хомуш ҳолда ўтирган хонадон соҳиби билан суҳбатлашаётиб, воқеага бироз ойдинлик киргандек бўлди. Хонадон соҳибининг ўғли қилмиши учун озодликдан маҳрум этилиб, муассасалардан бирида жазони ўтаётганди.
У озодликка чиққан ҳамюрти Сапарбойдан Хивага ўтиб, ота-онасидан хабар олишни илтимос қилган. Сапарбой дўстига берган ваъдасига кўра, қамоқдан чиқиб, тўғри Хивага йўл олди.
Хонадон соҳибию соҳибалари одатга кўра, меҳмонга ҳурмат-иззат кўрсатишди. Ҳатто кечки пайт Шовотга кетмоқчи бўлганида, уни бир кеча меҳмон бўлиб қолишга кўндиришди. Меҳмонга айвондан жой қилишди. Сапарбой шунча йил қамоқда ўтириб, ўзганинг мулкига хиёнат қилиш тубанлик эканлигини ҳали англаб етмаганди. Ярим тунда у нон-туз еган хонадонга тегишли бўлган видеомагнитафонни олиб, кўздан ғойиб бўлди. Жиноятчини қўлга олишда Шовот туманида хизмат қилганим қўл келди. Уни излаб уйига борганимизда, кираверишда икки нафар аёл ва бир эркак кишининг оёқ кийими турарди. Демак, Сапарбой шу ерда. Сабаби хонадонда бошқа эркак киши яшамасди. Онасидан ўғлини сўраганимизда, «Ҳали ўғлим қамоқдан қайтмади», деб қўя қолди. Боғ томондан келаётган келин ҳам саволимизга шундай жавоб қайтарди-ю, бироқ жуда ҳаяжонланиб кетди. Унинг хатти-ҳаракатлари бизда шубҳа уйғотди.
Хонадонни кўздан кечириб чиқдик. Аммо Сапарбойни тополмадик. Ортга қайтаётиб, ўралган кўрпага кўзим тушди. Бизни кузатишга чиққан келиндан кўрпага нима ўралганини сўрадим.
– Хамир қоргандим, шуни ўраб қўйибман, – дея жавоб берди у.
Шубҳаланганимиздан кўрпани кўтардик. Не кўз билан кўрайликки, Сапарбой катта тоғора ичида ўралиб ётарди. Шу тариқа, яқинда қамоқдан қайтган Сапарбой кўп ўтмай, яна панжара ортига йўл олди.
Ғофуржон ДАВЛАТОВ,
истеъфодаги полковник.
