Вилоят ИИБ ХТТБ ЖХБ ЖЦГ инспектори Минал Қамбарова 1995-йил Термиз шаҳрида туғилган. Зиёли ўқитувчи оиласида тарбия олган Минал Термиз давлат университети хорижий филология факултетини тамомлаган. Ички ишлар органларида 2020-йилдан бери фаолият олиб бормоқда. 

Минал ёш ходим бўлишига қарамай, турли тадбирларда ҳам жуда фаол. У “Заковат” ўйинларининг вилоят ИИБ жамоаси аъзоси сифатида доимий қатнашчиси. Қолаверса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёш ходимлари ўртасида ўтказилган танловлар, хусусан, 2023-йилда Самарқандда ўтказилган “Тўмарис издошлари” кўрик-танловининг фаол иштирокчиси. Бунинг учун бир неча маротаба вилоят ИИБ ҳамда ХТТБ раҳбарияти томонидан рағбатлантирилган. 

Термиз туманида жойлашган Фаёзтепа тарихий ёдгорлигига ташриф буюрган 4 нафар германиялик сайёҳ йўлидан адашиб қолади. ХТТБ навбатчилик қисмига шу ҳолат бўйича хабар келиб тушгач, катта лейтенант Минал Қамбарова Фаёзтепага бориб, сайёҳлар билан суҳбатлашиб, уларга темирйўл вокзалидан чипта сотиб олишларига кўмаклашиб, Тошкент шаҳрига кузатиб қўяди. 

Минал Қамбарова йўлдан адашиб қолган, буюмларини йўқотиб қўйган сайёҳларга яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Ўз касбини севиб, ҳар бир вазифани сидқидилдан адо этиб келаётган ёш ходима касбдошлари орасида ҳам ҳурмат қозонган.

У инглиз ҳамда рус тилини мукаммал билгани учун ушбу тилларда жаҳон адабиётининг дурдона асарларини севиб мутолаа қилади. Айниқса, Лев Толстой романларини ўзгача иштиёқ билан ўқийди. Ҳозирда у С1 сертификатини олиш учун тайёргарлик кўрмоқда. 

– Афсоналарга кўра қадимда Минал исмли афсонавий қаҳрамон аёл яшаган ва у ўз қавми учун катта фидойилик кўрсатган. Исмимни эса ана шу афсонавий қаҳрамон аёлга менгзаб қўйишган. Мени ҳам у сингари Ватанига, ўз халқига садоқатли инсон бўлишимни исташган бўлишса, ажаб эмас. Зеро, танлаган касбим айни фазилатларни тақозо этади. 2024-йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳам биз ёшларни барча жабҳада фаол бўлишга ундайди. Мен ҳам бундай қўллаб-қувватловдан мамнун ҳолда изланишда давом этаман. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.