Беш нафар ўртоқ шаҳар четида йиғилди. Улар орасида Муродбек (воқеа иштирокчиларининг исм-­шарифи ўзгартирилди) ҳам бор эди – ҳали 19 ёшга ҳам тўлмаган, қонида шижоат қайнаётган йигит.

– Кетдик, айланиб келамиз! – деди у ўзига бино қўйиб.

Қаршисида турган «Траcкер» автомашинаси гўё уни чорлаётганди. «Темир тулпор» ҳали расман унинг номига ўтмаган, бироқ калити аллақачон қўлида эди. Ачинарлиси, Муродбек ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам олмаганди.

– Бошқара оласанми? – сўради дўстларидан бири шубҳа билан.

Муродбек кулимсиради: 

– Кўрасан ҳозир!

Шу лаҳзада ақл сукут сақлади, эҳтирос эса тизгинни қўлга олди. Автомашинага ўтириши билан газни қаттиқ босган Муродбек мағрур­лик билан кўчага учиб чиқди. Аввалига ҳаммаси кўнгилдагидек эди: шодон кулги, баланд мусиқа ва шамолни ёриб ўтаётган тезлик – ёшликнинг мастона кайфияти... Кейин эса тезлик янада ошди. 

– Яна тезроқ! – деган ҳайқириқлар янгради. Муродбек газни охиригача босди. Шу пайт... ҳаммаси бир лаҳзада ўзгарди. Рул титради, автомашина силкиниб кетди.

– Эҳтиёт бўл! – деб бақирди машинадаги дўстлари. Аммо кеч эди. Темир панжаралар чирсиллаб синди. Машина тўғри канал томон учди. Сувга қулашдан олдинги ўша бир неча сония – умрнинг энг узоқ ва даҳшатли онлари эди. Қичқириқлар... Қўрқув... Ва совуқ сукунат...

Мутахассислар ҳодиса жойига етиб келганида, белигача лойга ботган автомашина, жароҳатланган ёшлар ва атрофда ҳукм сураётган тушунтириб бўлмас ваҳима...

Орадан кўп ўтмай, тергов бошланди. Катта лейтенант Фарида Султонова учун бу шунчаки навбатдаги иш эмас, балки адолат­ни қарор топтириш синови эди.

– Машина бошқарувида ким бўлган? – сўради у сокин, аммо қатъий овозда.

Жавоблар эса деярли бир хил бўлди:

– Билмаймиз...

– Ҳеч ким кўрмади...

– Эслолмайман...

Гўё ҳамма олдиндан тил бириктириб олгандек. Фарида улар­нинг кўзларига боқди. Қўрқув бор, аммо ҳақиқатдан асар ҳам йўқ эди.

Кейин у жарима майдончасига йўл олди. У ерда пачоқланган, лойга ботган «Траcкер» гўё тилсиз гувоҳдек сокин турарди. Фарида эҳтиёткорлик билан эшикни очди ва ичкарини синчковлик билан кўздан кечира бошлади. Ҳар бир чизиқ, ҳар бир из у учун муҳим аҳамиятга эга.

Дафъатан у тўхтаб қолди. Рул ёнидаги ҳаво айлантириш тешик­часида нимадир кўзга ташланди. Эгилиб қаради: қотиб қолган 4–5 томчи қон изи... Кичик, аммо тергов тақдирини ҳал қилувчи муҳим далил.

– Мана сен қаердасан... – пичирлади у паст овозда.

Экспертиза жавоби кутилган кунлар йиллардек узоқ туюлди. Ниҳоят, натижа келди: қон – Мурод­бекка тегишли! Ҳақиқат юзага чиқди. Кейинги техник таҳлиллар эса барчасини ўз ўрнига қўйди: ҳайдовчи ёнида ўтирган йигит ойнадан чиқиб кетган, орқадаги йўловчилар эса бошқа томонда бўлишган. Қон изи эса айнан рул атрофида эди. Бу тасодиф эмас, бу – инкор этиб бўлмас исбот эди...

Мазкур воқеа Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи су­риштирувчиси, катта лейтенант Фарида Султо­нованинг кундалик фаолияти­дан бир лавҳа. У ёш бўлишига қарамай, ўз касбига сидқидилдан ёндашадиган, ҳар бир ишда адолат мезонини устун қўядиган терговчидир.

Катта лейтенант Фарида Султо­нова учун тергов жараёнидаги ҳар бир жилд шунчаки навбатдаги ҳужжатлар тўплами эмас, балки инсон тақдири ва ҳақиқат билан боғлиқ юксак масъулият демакдир. Синчковлиги ва касбий маҳорати замирида эса битта эзгу мақсад – адолатни қарор топтириш ва ҳақиқатни юзага чиқариш истаги мужассам.

Фарида болалигиданоқ интизомлилиги ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турди. У ИИВ Хоразм академик лицейини муваффақиятли тамомлаб, вазирлик Академиясига ўқишга кирди. 2022-йилда «Тергов фаолияти» йўналишини битириб, хизмат фаолиятини бошлади.

Айнан Академияда олган назарий билимлари уни бугунги кунда энг мураккаб ишларда ҳам ҳақиқатни топишга етакламоқ­да. Ҳозирда у тажрибали устоз­лари кўмагида, улар билан елкама-елка туриб, сидқидилдан фаолият юритмоқда.


Нилуфар ЖАББОРОВА,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.