Ҳа, янглишмадингиз. Бу ерда гап ўтган асрнинг 70-йилларида телевидениеда намойиш этилган оддий участка инспектори Фёдор Анискин ҳақида кетмоқда. Бу филмни кўпчилигимиз севиб томоша қилганмиз. Актёр Михаил Жаров ижро этган ушбу филм қаҳрамони ўзининг самимийлиги, қишлоқ аҳлининг дарду қувончига шерик бўлиши ва энг муҳими, хизмат ҳудудида содир бўлган жиноятларни тез фурсатда фош этиши билан мухлислар қалбидан жой олган.

Мен Анискинлар ҳақидаги филмларни томоша қилганимда, кўз олдимда ўзбек милицияси сафида хизмат қилган, характери, иш услуби, ҳатто гавдаси, ташқи кўриниши ҳам Фёдор Анискинга ўхшаб кетадиган икки нафар участка инспектори гавдаланади.

Улардан бири – ўттиз беш йил давомида Тошкент телеминорадан то Ҳалқа автомобил йўлигача (маълум бир қисми Тошкент тумани ҳудудидан ўтган) бўлган ҳудудда, шунингдек, «Тутзор», «Сабзавот» ва «Дархон» маҳаллаларида участка нозири бўлиб хизмат қилган капитан Зикир Зияевдир. 

Тошкент тумани Ички ишлар бўлими ходимлари сифатида биз Зикир аканинг бой иш тажрибаси ва касбий маҳоратидан кўп нарсаларни ўрганганмиз.

...Куз фаслининг охирларида туман ҳудудида мол ўғрилари «жонланиб» қолди. Ҳар куни туманнинг қайсидир манзилидан от ва қорамоллар йўқола бошлади. Раҳбарият томонидан махсус гуруҳ ташкил этилгач, барчамиз «Дархон» маҳалласидаги участка нозири хонасига йиғилдик.

Бир маҳал Зикир ака худди чорвадор қиёфасида, эски кийимларни кийиб хонага кириб келди. Сўнг бизга қарата шундай деди:

– Сизлар бозорга кирмай туринглар, мен ўзим ичкарини кузатиб, хабар оламан...

Мол бозорига кириб кетган Зикир ака орадан икки соат ўтиб, бир йигит билан чиқиб келди. Кейин улар «Жигули» машинасига ўтириб, Чирчиқ шаҳри томон йўл олишди. 

Кейин маълум бўлишича, ўғри йигитлардан бири уйида сотиладиган бир нечта моли борлигини, лекин уларни бозорга олиб келиш имкони йўқлигини айтган ва бизнинг «харидоримиз» билан савдолашган экан...

Тошкент туманида хизмат қилган, ўз касбига садоқати билан Анискинга қиёсланадиган яна бир ҳамкасбимиз – подполковник Исмоил Файзиевдир. 

Тумандаги «ғишткўприк» маҳалласида таваллуд топган бу инсон меҳнат фаолиятини оддий киночиликдан бошлаган. Қизиғи шундаки, аҳолига детектив жанридаги филмларни намойиш этиш жараёнида унда ички ишлар идоралари ходимларининг шарафли касбига ҳавас уйғонади ва милиционер бўлишга қарор қилади. 

Узоқ йиллар участка нозири бўлиб хизмат қилган Исмоил аканинг ҳаёт йўли, хизмат фаолияти ҳам ҳар бир ёш ходим учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Унинг касбий маҳорати, фаолияти билан боғлиқ қизиқарли воқеалар ҳақида соатлаб сўзлаш, кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Мақоламизда Тошкент тумани Ички ишлар бўлимида халқимиз тинчлиги йўлида садоқат билан хизмат қилган икки нафар заҳматкаш участка нозири – марҳум устозларимиз ҳақида қисқа сўз юритдик. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, кўп йиллик фаолияти давомида ибратли воқеалар ва ҳаётий сабоқлари шу қадар бисёрки, уларнинг ҳар бири алоҳида бир филмга мавзу бўлишга арзийди.


Раҳимжон ШОДИЕВ, 

истеъфодаги капитан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Тошкент вилояти.