Ички ишлар органларининг жиноят қидирув ва профилактика хизматларида 25 йилга яқин самарали хизмат қилган, айни пайтда Фарғона шаҳрининг Шакарқишлоқ маҳалласи Қадрият кўчасидаги 37-уйда истиқомат қилиб келаётган ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги капитан Турдали ота Ҳомидов шу кунларда табаррук 80 ёшни қарши олмоқда. Шу муносабат билан унинг хонадони меҳмонлар билан гавжум.

Куни кеча Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Файзулла Ортиқбоев, Ҳуқуқбузарлик профилактика бошқармаси вакиллари ҳамда вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзолари Турдали ота хонадонида бўлишди.

Улар соҳа фахрийсини табаррук ёши билан самимий қутлаб, вилоят ИИБ бошлиғи, подковник Дониёр Тошходжаевнинг табригини ўқиб беришди.

Турдали ота самимий табрик ва кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорлик билдириб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида туну кун хизмат қилаётган ходимларни дуо қилди.

Абдувосит СИДИҚОВ.