Хоразм вилояти мусиқали драма театрида ички ишлар органларида устоз-шогирд анъанасини янада ривожлантириш, соҳа фахрийларини ижтимоий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини ёшларга ўргатиш мақсадида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Тадбирга ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда лицей ўқувчилари таклиф этилди. Учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаэв сўзга чиқиб, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш, хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига риоя этишида фахрийлар ҳамда устоз-мураббийларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканлигига тўхталиб ўтди.
Тадбирда вилоят Ёшлар агентлиги раҳбари Сардорбек Полвонов сўзга чиқиб, бугунги кунда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда ёшлар агентлиги ўртасидаги узвий ҳамкорлик самарали давом этаётгани боис, турли йўналишларда ижобий натижаларга, ютуқларга эришилаётганини алоҳида эътироф этди.
Учрашувда сўз олганлар ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратиб берилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳамда таълим-тарбия жараёнлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбирда ўзларининг бой, ҳаётий тажрибаларини ёш ходимларга ўргатишдаги фаол иштироки ҳамда хизмат бурчини бажаришдаги фидойилиги учун ички ишлар органлари фахрийлари ҳамда ходимларига бошқарма раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилди ва эсдалик совғалари топширилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
