Фарғонада фахрий аёллар, ички ишлар органларида хизмат қилаётган шаҳодатланган ходималар ҳамда ИИВ Фарғона академик лисейи ўқувчи-қизлари иштирокида уч авлод учрашуви ўтказилди.

Учрашувда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Наргиза Миржалолова иштирок этиб, соҳада хизмат қилаётган аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда истеъфодаги маёр Дилоромхон Назирова, истеъфодаги капитан Нурхон Жўраэва сўзга чиқиб, ёш ходимларга ўз ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб бердилар.

Тадбир давомида ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг иш самарадорлигини ошириш, ўз устида ишлаш ва хизмат бурчига бўлган иштиёқини янада ошириш мақсадида психологик тренинг ҳам ўтказилди. Тренингда соҳа маликалари фуқаролар билан қандай муомалада бўлиш, фарзанд тарбияси, иш жараёнида учрайдиган муаммоларни ҳал қилиш борасида зарур билимларга эга бўлишди.

Бундан ташқари, тадбирда юқори натижаларга эришиб, сафдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фаол ходималар муносиб тақдирланди.

Уч авлод учрашувидан сўнг меҳмонлар Фарғона вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникаси ҳамда ИИВ Фарғона академик лисейида ҳам бўлдилар.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.