Ички ишлар бўлимига келиб тушган маълумотлар асосида, унинг уйида тинтув ўтказилганида, уч та гугурт қутига жойланиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилди. Ушбу ҳолат холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштирилди.
«Ҳа, энди, қилмиш – қидирмиш деганларидек, гиёҳфуруш жазосини олади-да», дейишга шошилманг. Чунки Тўрабой ака бошлаган «иши» чаппасига айланиб қолса, сувдан қуруқ чиқиш пайида югургилайдиган уддабуронлардан чиқиб қолди. У тергов ишини олиб бораётган Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, маёр Назиржон Юлдошевнинг ҳар бир саволига узр-маъзурини қўшиб, «оталарча меҳр-оқибат билан» ўз «таклифи»ни билдирди. Яъни, ўзига қўйилган айбловни енгиллатиш эвазига 1000 АҚШ доллари миқдорида пул беришини айтди. Терговчи фуқарога ушбу ҳаракати ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини бир неча бор тушунтирди. Шунга қарамасдан, у пора тариқасида пул бериш фикридан қайтмади.
Шундан сўнг маёр Назиржон Юлдошев Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Натижада Тўрабой ака биринчи айбидан енгилгина қутулиш мақсадида иккинчи бир қонунбузарликка қўл уриб, ваъда қилган пулларнинг ярмини бераётган вақтида қўлга олинди.
– 2013-йилдан буён тергов соҳасида фаолият юритаман, – дейди маёр Назиржон Юлдошев. – Тажрибамда бундай ҳолатга иккинчи бор дуч келишим. Аввало, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, камчиликлардан холи эмасмиз. Кузатишларим асосида айтмоқчиманки, кимлардир ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги оқибатида қонун бузилишига йўл қўяди. Афсуски, мол-дунё орттириш, тез ва осон пул топиш мақсадида қонунни оёқости қиладиганлар ҳам бор. Устига-устак, бундайлар айбини тан олмай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини чалғитишга уринади. Бундай вазиятларда мен ҳамиша «Терговчининг энг яқин дўсти қонун», деган ақидага амал қиламан.
Қаҳрамонимиз қонунларга таяниб, адолат устуворлигини, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашдек масъулиятли вазифани садоқат билан адо этиб келяпти. У очиқ кўнгиллиги, самимияти ва меҳр-оқибатлилиги билан ҳамкасбларининг меҳрини қозонган. Айниқса, соҳага илк қадамларини қўяётган ёшлардан ёрдамини аямайди. Касбий салоҳиятини оширишда устози айни пайтда истеъфодаги подполковник Шоназар Шодиевнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб чарчамайди.
Ёши улуғларимиз ҳаёт ибратларидан сўз очар экан, «Ҳалолидан қўймасин», «Ҳалолликда барака бор» деган сўзларни бежиз тилга олишмайди. Орамизда хизматига, бурчига садоқатни ҳалоллик билан нақшлаган маёр Назиржон Юлдошев сингари осойишталик посбонлари бор экан, адолат ҳамиша тантана қилаверади. Қонунни айланиб ўтмоқчи бўлганлар эса мақсадига ета олмайди.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
