ИИВ Малака ошириш институти Бектемир базасида Касбий тайёргарлик ўқув курси тингловчилари ҳамда соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда нафақа гаштини суриб келаётган фахрийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Унда истеъфодаги полковник Фарҳод Муҳаммаджанов, истеъфодаги маёр Аъзам Қурбонбоев, истеъфодаги подполковник Озодбек Худойқулов ҳамда фаҳрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Абдурасул Ҳасановлар иштирок этдилар.
Учрашувда институт бошлиғининг ўринбосари, полковник Баҳодир Улуғбеков тингловчиларга ушбу тадбирнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўзлаб берди. Шундан сўнг, фахрийлар сўзга чиқиб тингловчиларга ўзларининг хизмат фаолиятлари давомида учраган ҳолатлар, юзага келган турли хил вазиятлар тўғрисида ҳикоя қилишди.
– Ички ишлар органларида хизмат қилиш қийин, лекин шу билан биргаликда шарафли ҳамдир, – деди, фаҳрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Абдурасул Ҳасанов. Негаки, ҳар қандай вазиятда ҳам халқингнинг ёнида туриш ва унга хизмат қилиш олий бурч. Ана шундай бурчни адо этишда эса ходимларга сабр-матонат, кучли ирода ва мустаҳкам соғлик, ақл-заковат ҳамда билим ҳамиша керак бўлади.
Меҳмонлар томонидан айтилган ҳар бир ўгит ва зарур тавсиялар тингловчилар томонидан юқори қизиқиш билан тинглангани учрашувнинг қизиқарли ўтганидан далолат. Ўқув-йиғини тингловчиларини ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ўтмишни унутмаган ҳолда бугунги замонга шукроналик ҳиссини уйғотишда мана шундай тадбирларнинг аҳамияти катта.
Учрашув сўнгида фахрийлар томонидан тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Шерали АНВАРОВ,
ИИВ Малака ошириш институти бошлиғининг Матбуот котиби, подполковник.
