Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, муборак масканга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, жорий йилда муқаддас қадамжо тубдан қайта қурилди ва реконструксия қилинди. Бу ерда зиёратчилар учун Хоразм меъморчилик услубида паст айвонлар, йўлаклар, фавворалар, дам олиш ўриндиқлари, автотураргоҳлар бунёд этилди. Йўлаклар атрофига воҳа иқлимига мос турли манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилди. Миллий ҳунармандчилик устахоналари, савдо шохобчалари ишга туширилди. Қолаверса, бу улуғ зотнинг ҳаёти ва фаолиятига оид барча маълумотлар жамланган алоҳида айвон ташкил этилди.

Амалга оширилган бундай улкан бунёдкорлик ишлари натижасида Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи қисқа муддатда юртимиздаги йирик сайёҳлик марказларидан бирига айланди. Зиёратгоҳга киришда кўкка бўй чўзган минора ва маҳобатли масжидга кўзингиз тушади. Хивалик усталар томонидан моҳирона безак бериб ишланган ушбу обидалар ўзига хослиги билан киши эътиборини тортади. Нақшинкор эшикдан ичкарига кирар экансиз, девордаги турфа безаклар, қандиллар кишини бефарқ қолдирмайди.

Авлиёлар қабрлари жойлашган мақбарага эса ички эшик орқали кирилади. Ушбу мақбара бешта гумбаздан иборат бўлиб, кираверишдаги кошинларда ҳадиси шарифлар битилган. Бу муборак қадамжони зиёрат қилар экансиз, ўзингизни руҳан тетик, жисман енгил ҳис қиласиз.

Юсуф Ҳамадоний Ҳамадонда туғилган. У аввал оиласида, сўнгра Исфаҳон шаҳридаги мадрасада таҳсил олади, 18 ёшида Бағдодга келади ва 15 йил шу ерда яшайди. Бу ерда Абу Исъҳоқ Шерозийдан ва бошқа кўплаб алломалардан таълим олади. Сўнгра Исфаҳон, Самарқанд, Бухорога келиб, илм ўрганишда давом этади. Тасаввуф илмини Абу Али Формадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симнонийлардан ўрганади. Ўттиз маротаба пиёда Ҳаж зиёратига боради. Юсуф Ҳамадоний Бухорода узоқ муддат яшаб, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний ва бош­қа машойихларга устозлик қилади ва кейинчалик Хожагон Нақшбандия тариқатининг айрим қоидаларини ишлаб чиқади. Буюк аллома тасаввуфга оид «Рутбат ул-ҳаёт» («Ҳаёт мезони»), «Кашф», «Рисола дар одоби тариқат», «Рисола дар ахлоқ ва муножот» каби асарлар муаллифидир. Ул зотдан илм ўрганган Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ҳаким Санўийлар буюк шайх ва тариқат намояндалари бўлиб етишган. Бу инсоннинг истеъдоди ва мақоми қанчалик улуғ бўлганини 17 нафар муриди комил авлиё даражасига етганидан ҳам билиш мумкин. Шунинг учун Юсуф Ҳамадонийни Пирларнинг устози, Пирларнинг пири, улли Пир, деб ҳам аташган. 

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.