Ўз олдига катта мақсадларни қўйган Шодиёр келгусида ҳуқуқшунос бўлиш истаги билан 1998-йили Самарқанд давлат университетига сиртдан ўқишга кирди. Ўша йили яна бир орзуси рўёбга чиқди: у Гулистон шаҳар ИИБ 2-мавзе профилактика инспектори лавозимига хизматга қабул қилинди.
Лавҳамиз қаҳрамони янги вазифа, янги масъулият олдида довдираб қолмади. Ўша йиллар Гулистон шаҳри марказидаги ушбу мавзеда кўплаб миллат вакиллари истиқомат қилар, бу криминоген вазиятга салбий таъсир этарди. Ичкиликбозлик, безориликка қарши курашиш асосий вазифалардан бири ҳисобланарди. Ёш лейтенант мазкур вазифани аъло даражада уддалади. 2000-йилда уни Сирдарё тумани ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимига ўтказишди. Унинг бу лавозимдаги фаолияти ҳам муваффақиятли кечди.
2002-йилда Гулистон шаҳар ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили лавозимида иш бошлаган Шодиёр Ибрагимов кўплаб жиноятларни очишда жонбозлик кўрсатди. Ўз ишининг устаси бўлиб етишишида вилоят ИИБ Жқбда фаолият кўрсатган устозлари –
подполковниклар Раҳим Арипов ва Ҳайдар Мирзабеков катта ўрин тутди. Устозларнинг ўгитидан чиқмаган Шодиёр уюшган жиноятчиликка қарши курашишдаги муваффақиятларга салмоқли ҳисса қўшди.
Ўшанда фирибгарлик, товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳлардан бирини фош этиш осон кечмаётганди. Шодиёр тезкор маълумотларни таҳлил қилиш орқали жиноятчиларнинг изига тушган эди. Ниҳоят,
2002-йилнинг кузида Гулистондаги ёғ-экстракт заводи яқинида ўтказилган операцияда товламачилар қўлга олинди.
Шодиёр Ибрагимов хизмат пиллапояларидан ўсишда давом этди. 2004-йилда Мирзаобод тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2006-йилда туман ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. 2009–2012-йилларда эса Сайхунобод, Гулистон туманларида ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатди. Кейинчалик вилоят ИИБ тизимида турли лавозимларда ишлаган Шодиёр Ибрагимов кўплаб шогирдларни тарбиялади. Ўз вақтида Оқолтин тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган подполковник Жаҳонгир Ҳайдаров, Сирдарё, Сардоба туманлари ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган подполковник Рустам Қорабековлар шулар жумласидандир.
– Шодиёр Ибрагимов ўта масъулиятли ходим, – дейди вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, подполковник Рустам Қорабеков. – Шунинг учун ҳам уни кўпчилик ҳурмат қилади. У биз, шогирдлар ички ишлар органи ходими бўлиб шаклланишимизга қимматли маслаҳатлари, йўл-йўриқлари билан катта ҳисса қўшган.
Ҳозирги вақтда подполковник Ш.Ибрагимов Гулистон шаҳридаги 3-сонли Иибда бошлиқ лавозимида хизмат қилмоқда. Ўн олти нафар ходим фаолият кўрсатадиган мазкур бўлим хизмат қиладиган ҳудудда 6 та маҳалла бор. Ушбу маҳаллаларнинг барчаси «яшил ҳудуд» тоифасида.
У бахтли оила соҳиби. Турмуш ўртоғи билан 5 нафар фарзандни вояга етказди. 2 ўғил ота изидан кетган. Улардан каттаси Шаҳбоз Усмонов вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ сафдор ходими, иккинчи ўғил Аббос эса ИИВ Академияси иккинчи босқич курсанти.
– Биз отам билан фахрланамиз, – дейди Шаҳбоз Усмонов. – Ундан ўрнак олишга, ҳаётий ва касбий тажрибасидан кўпроқ баҳраманд бўлишга ҳаракат қиламиз.
Дарҳақиқат, ўз умрини эл-юрт осойишталиги йўлига сарфлаган инсоннинг эзгу хислатлари кўпчилик учун намунадир.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
