Навоий вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари навбатдаги рейд тадбирини ярим тунда ўтказишни режалаштиришди. Жорий йилнинг 3-ноябрга ўтар кечаси соат 00:30ларда Қуйимозор-Бухоро темир йўл бекатлари оралиғида ўтказилган тунги рейд давомида улар қонун бузилиш ҳолатига дуч келишди. 

Гап шундаки, айни кунларда Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидан ўтган Аму – Бухоро канали устида кўприк қурилиши ишлари олиб борилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” Ажга қарашли кўприк қурилиш трести корхонасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи Ж.К махсус кўприк қуриш транспортини бошқаради. Унга иш кунининг бошида кераклича дизелъ ёқилғиси ажратилади. Устомон ҳайдовчи ёқилғини тежаб, ҳужжатларда эса сарфланган миқдорини ортиғи билан ёзиб, 180 литр дизелъ ёқилғисини сотишни мақсад қилади. Қизилтепалик Б.Ф. ҳамда Ж.А сингари икки харидорни топиб, уларга ёқилғининг бир литрини 8000 сўмдан сотишини айтади.

Вилоят ИИБ ТХТБ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ноқонуний ёқилғи савдосига чек қўйилди. Гумон қилинувчилардан 9 дона 20 литр ҳажмли елим идишларда жами 180 литр дизелъ ёқилғиси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.


Маҳлиё ХОЛОВА, 

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.