Шофиркон тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика катта инспектори, капитан Аббос Ғаффоровни ҳамкасблари соҳа фидойиси сифатида қадрлашади. Бундай ҳурматга самимийлиги, ҳеч кимдан ёрдамини аямаслиги ҳамда ишига сидқидилдан ёндашиши орқали эришган. Шунингдек, у «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттириб, ишга янги қабул қилинган ёш профилактика инспекторларига бой тажрибаларини ўргатиб келмоқда.
– Устозим билан елкама-елка, ёнма-ён туриб хизмат қилаётганимдан фахрланаман, – дейди лейтенант Миршод Нуриллаев.
– У кишидан фуқаролар томонидан тушадиган ариза ва шикоятларни ўрганиш, маъмурий ҳужжатларни юритиш, қисқаси, соҳавий билимларни пухта ўзлаштириш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш сир-асрорларини қунт билан ўрганмоқдаман. Шунингдек, Аббос ака ўз ҳудудларидаги аҳолининг тинчлик-хотиржамлигини таъминлашдан ортиб, мен сингари бошқа профилактика инспекторларига ҳам йўл-йўриқ кўрсатиб келяпти.
Ўқиш, ўрганиш ва изланиш ҳар қандай касбда ҳам маҳоратни оширишнинг бош омилидир. Туман Иибда яхши йўлга қўйилган анъана ёшларнинг касб сирларини мукаммал ўрганишларида муҳим аҳамият касб этяпти.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
