Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ва унинг таркибий тузилмаларида хизмат қилаётган ёш ходимларни касбга садоқат руҳида тарбиялашда “устоз-шогирд” анъанасидан самарали фойдаланилмоқда. Жойларда уч авлод урашувларини ташкил этиш орқали устозларнинг бой амалий тажрибаси ёшлар онгига чуқур сингдирилмоқда.

Яқинда Фарғона шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари, уларнинг ота-оналари, соҳа фахрийлари иштирокида ана шундай учрашув ўтказилди.

 Тадбирда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, подполковник Авазбек Исақов, вилоят ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Араббой Усмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ватанга муҳаббатли, касбга садоқатли, хизмат интизомига риоя этиш, таъмагирлик ҳолатларининг олдини олиш, ҳайдовчилар билан хушмуомала бўлиш юзасидан фикр билдирдилар.

Ходимларнинг тарбияси, юриш-туриши, хизматга бўлган муносабатида оиланинг роли катта эканлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада ота-оналарнинг масъулияти ҳақида ҳам эслатиб ўтилди.  

Келгусида бошқарма раҳбарияти, Фахрийлар кенгаши ҳамда ота-оналарнинг ҳамкорлигини янада яхшилашга келишиб олинди.

Абдуваҳоб МИРЗАҚУЛОВ,

истеъфодаги подполковник.

Фарғона вилояти.