Маълумотларга қараганда, ҳар йили бутун дунёда 100 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчиларнинг уйқусираши туфайли содир бўлар экан. Бундай ҳолатлар асосан, 25 ёшдан катта ҳайдовчилар билан рўй бермоқда. Мутахассислар томонидан ўтказилган сўровномада иштирок этган бир гуруҳ ҳайдовчиларнинг тахминан ярми машина бошқараётиб эснаш одати борлигини тан олган. Уларнинг 20 фоизи ўтган йили транспортни бошқараётиб бир марта бўлса-да, уйқусираганини, 40 фоиз ҳайдовчи эса бу ҳолат ўз фаолияти давомида ҳеч бўлмаса бир марта содир бўлганини тан олган. Ўз навбатида, суткасига 7 соатдан кам ухлаш йўл белгиларини пайқамаслик, тезликни меъёрда сақлай олмаслик каби ҳолатларни келтириб чиқариб, кўпчиликнинг автоҳалокатдан азият чекишига олиб келмоқда.
Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Самарқанд» мунтазам ЙПХ масканида узоқ масофаларга ҳаракатланувчи ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Хусусан, бошқа вилоят давлат рақам белгиси билан кириб келаётган автоулов ҳайдовчилари бирма-бир тўхтатилиб, ҳушёрликка даъват этилди.
Вилоятдан ўтувчи йўллар чўл ҳудудида жойлашганлиги боис, бир хил манзара зерикиш ва уйқу ҳолатларини юзага келтириши мумкин. Қолаверса, бу жойларда йўлга турли ҳайвонларнинг чиқиб қолиш эҳтимоли катта. Ҳайдовчиларга мана шу жиҳатлар алоҳида тушунтирилиб, тезликни меъёридан оширмаслик, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланмаслик, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилиш зарурлиги уқтирилди.
Сабина ХЎЖАЕВА,
Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ
Ахборот хизмати мутахассиси.
