Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Бекмурод Абдуллаэв “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун” профилактик тадбири доирасида Қашқадарё вилоятида криминоген вазиятни жиловлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганди. 

Вазир ўринбосари дастлаб Қарши давлат университети талабалар мониторинг марказида бўлди. Бу ерда у олийгоҳ ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш учун амалга оширилган ишлар, видекузатув камералари иш жараёни билан танишди. Университет мутасаддиларига осойишталикни таъминлашда рақамли технологиялар имкониятидан янада самарали фойдаланиш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар берди. 

Вилоят ИИБ Тезкор бошқарув марказида бўлган вазир ўринбосарига шаҳарда ўрнатилган кузатув камераларининг қоидабузарлик ва жиноятларни аниқлаш, олдини олиш борасидаги имкониятлари бўйича ахборот берилди. Жараёнда марказга интеграция қилинган камералар орқали аниқланаётган қонунбузарлик ҳолатлари таҳлил қилиниб, “Хавфсиз шаҳар” консепсияси доирасида “ақлли” светофор ва яшил йўлак ўрнатиш бўйича тақдимот намойиш этилди. Ички ишлар органлари раҳбарлари ва соҳавий хизматлар бошлиқларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди. 

Ўрганишлар давомида Қамаши тумани ва Шаҳрисабз шаҳар криминоген вазият таҳлили ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари билан танишган генерал-маёр Бекмурод Абдуллаэв ҳар иккала бўлим раҳбарларига ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда эътибор қаратиш лозим бўлган йўналишлар бўйича йўриқнома ва тавсиялар берди. 

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Қамаши тумани ИИБ ҳовлисига кўчатлар экилди. 

Ўз мухбиримиз.