Юртимизда кузатилган аномал совуқ халқимизни яна бир бор синовдан ўтказмоқда. Айниқса, ҳозирда аҳолининг энергия ресурсларига талаби кескин ошган. Бу эса, ўз навбатида, тармоқда юкламаларнинг ортиши ва турли авария ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Шунинг ортидан мурожаатлар ҳам кескин кўпаймоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармасида тузилган тезкор штабда вилоят ҳокими, республикадан бириктирилган вакиллар иштирокида ўтказилган навбатдаги муҳокамада ҳудудларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинди.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудлар ва алоқадор соҳалар раҳбарларига аномал совуқ ҳаво кунларида биринчи навбатда аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объэктларини иситиш тизимини узлуксиз ишлатиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юкланди. Мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларда одамларга ёрдам кўрсатиш, штабларга ва ижтимоий тармоқларга йўлланаётган мурожаатларни зудлик билан ўрганиб, ҳал этиш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, бозорлардаги нарх-наво, АИ-80 маркали бензин савдосининг барқарорлиги, жамоат транспортидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, яқинлари хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари бериш зарурлиги таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
