Инсон қадри – улуғ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарининг инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисида"ги ахбороти эшитилди.
Йиғилишда инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди. Жумладан, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳолатлари мунтазам равишда Омбудсман бошчилигида жамоатчилик гуруҳлари билан ўрганилаётгани, ушбу мониторинг ташрифларида депутатлар ҳам иштирок этаётганликлари қайд этилди.
Мажлисда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Мансур Қодиров тизимга рақамли технологияларни, жумладан, интеллектуал “Смарт” камералар, видеорегистраторлар, рентген-сканер қурилмалари, электрон дўконларни жорий этиш, “онлайн” видеоучрашув хизматини йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Йиғилиш сўнгида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шаҳризод ШОКИРОВ,
катта лейтенант.
