Шаҳар соқчилари душман пайдо бўлгани ҳақида ноғора қоқди. Темур Тош раҳбарлигидаги араб саркардалари деворга чиқишди. 

Амир Темур қўшини секин-аста дашт бўйлаб келмоқда. Отлиқлар ҳовлиқмай аста отларини йўртиб келишар, пиёдалар эса ортларидан эргашган. Улар унчалик кўп эмас. Наҳотки довруқли Темурбек қўшини шу бўлса. Балки кўраётганлари илғор қисмдир?

Саркардалар ҳайрон Темир Тош эса тажрибали саркарда сифатида душман ниманидир режалаштирганини қалбан ҳис этди. 

Кеч бўлганда ҳам бошқа қўшин келмади. Эрталаб эса шаҳар мудофаачилари яна ҳайрон бўлишди. Душман бутун кечаси хандақлар қазиб қўр ташлаган жойни ўрабди. Мудофаа деворлари вазифасини ўтовчи қалқонлар билан тўсибди. Қизиқ, ким мудофаачи-ю, ким ҳужум-чи?

Орадан бир ҳафта ўтди. Лекин бўлак лашкар кўринмади. 

Шаҳардаги ҳужум хавфи тарқади. Совчилар ҳам, аҳоли ҳам чўчимай ухлайдиган бўлди. Одамлар ўзларидаги қимматбаҳо нарсаларни қалъа хазинасидан қайтариб ола бошладилар. Душман шаҳарга кира олмайди. Темур Тош ҳайрон бўлди. Душман ҳужумни сира ўйламаяпти. Хандақ қазиш билан овора. Сони ҳам кўп эмас. 

Қизиққон Шодан ҳужум қилишга шай. Кекса саркарда Ибн Фаррух эса кутиш тарафдори. Тажрибали лашкарбоши бу ишда қандайдир сир борлигини ўйлаяпти. 

Шодан минг отлиқ билан дарвозадан чиқиб жанг қилишга рухсат олди. Халаб суворийлари душман отлиқлари билан тўқнашди. Аммо негадир улар астойдил жанг қилмай орқага қочишди. Иккинчи кун Шодан беш минг отлиқ билан яна жангга чиқди. Жуда кўп душманни ўлдирди. 

Энди Темир Тош ҳам Шодан фикрига қўшилиб, душманга зарба беришга қарор қилди. Ўттиз минг отлиқ ва минглаб пиёдалар душман томон пешвоз чиқишди. 

Жанг ниҳоятда қонли ва шиддатли бўлди. Халаб жангчилари мардона жанг қилиб ғалабага эришди. Душман чекина бошлади. 

Темир Тош ва Шодан отлиқлари уларни қувишни бошлади. Аммо бирдан пайдо бўлган филлар ва қаёқдандир келган отлиқлар уларни чор атрофдан ўрай бошлади. Тўфанглар гумбурлаб ажал селини ёғдира бошлади. Темир Тош душман ҳийласини дарров тушуниб, орқага қайтишга буйруқ берди. Аммо буйруқ кечиккан эди. Халаб қўшини орқага қайтадиган йўлда душман отлиқлари пайдо бўлди. Темир Тош билан Шодан зўрға шаҳар дарвозасига ёриб ўтди. Улар билан бир неча юз кишигина қолган эди. 

Чекинаётган қўшин билан орқама-орқа келаётган душман шаҳарга кира бошлади. 

Темир Тош билан Шодан арк қалъасига кириб олишди. Мудофаа бир ҳафта давом этди. Кўп жанглардан сўнг Темир Тош қаршилик бефойда эканини тушуниб, таслим бўлди. 

Амир Темур уларни ҳурмат билан ёнидаги дастурхонга таклиф қилди. 

– Сизлар бугун асир эмас, азиз меҳмоним бўлинглар. 

Таомларнинг кети узилмас эди. Очиққан ва толиққан Халаб саркардалари тўйгунча ичиб, ўзларига келгач Соҳибқирон улардан марҳаматли нигоҳини узмай ўз қарорини айтди. 

– Сизларни Дамашққа жўнатамен. Ҳокимга айтинглар, менга таслим бўлсин. 

Ҳамдам Содиқовнинг 

«Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар» китобидан олинди.