Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни Фарғонада ҳам катта тантана қилинди.
Байрам куни Фарғона шаҳрида жойлашган "Ватанпарварлар боғи"га вилоят ҳокимлиги, ҳарбий-маъмурий сектор ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, ҳарбийлар ва кенг жамоачилик вакиллари жам бўлди.
Дастлаб “Мотамсаро она” ҳайкали пойига тантанали гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Гул қўйиш маросимидан сўнг, ҳарбий қисмлар вакиллари ва техникаларининг ҳарбий марши ҳамда давлатимиз байроғи билан безалган автомобилъ ва мотосикллардан иборат кўргазмали юриши ўтказилди.
Шу куни Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта байрам тадбири ҳам ўтказилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёэвнинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбир давомида юрт тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларга “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” эсдалик нишони, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбир элимиз ардоғидаги санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан янада файзли тус олди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
