Ҳаётхон Нарзиев 2013-йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлади. Сўнг илк хизмат фаолиятини Навоий вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика марказида бошлади. Унинг мазкур тизимга кириб келиши шунчаки тасодиф эмас. Ҳаётхоннинг отаси истеъфодаги маёр Сайёдхон Нарзиев ички ишлар органлари соҳасида қарийб 33 йил хизмат қилиб, кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган.
Маёр Ҳаётхон Нарзиев отасининг маслаҳатлари ва тавсияларига амал қилиб кам бўлмаяпти. Шунингдек, мутахассис сифатида соҳага оид жаҳон тажрибасини синчковлик билан кузатиб боради. Ўқиб ўрганганларини амалиётда қўллашга интилади.
У нафақат касбий маҳоратини оширишга, балки таҳлил қобилиятини ривожлантиришга ҳам ҳаракат қилади.
– Маълумотларни умумлаштириш, таҳлил қилиш, зарурат бўлганда қайта текшириш кишидан хотиржамликни, сабр-тоқатни талаб этади. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки бизнинг хулосамиз қайсидир инсон тақдирини у ёки бу даражада ўзгартириб юбориши мумкин, – дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Айни пайтда Нурота тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти лавозимида фаолият олиб бораётган маёр Ҳаётхон Нарзиев ҳудудда содир этилган жиноятларни «иссиқ изида» фош этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Яқинда туманнинг олис «Чўя» маҳалласида ўғирлик содир этилди. Гап шундаки, чўпон Садир отанинг мингга яқин қўй-қўзиси бор. Уларни эрта тонгдан то кун ботгунча тоғ-у адирларда ўтлатиб юради. Қош қорайгач, уйи ёнидаги қўрага қамайди. Бир куни Садир ота тонг отиши билан сурувни адирга ҳайдаётиб, тажрибали чўпон эмасми, санамаса-да орасида 4 бош қўйи йўқлигини пайқади. Йўқолган жониворлар орасида бошқаларига ўхшамаган қўнғир қўзиси ҳам бор эди. Отахон шу заҳоти туман Иибга мурожаат қилди.
Тергов-тезкор гуруҳи таркибида иш олиб борган Ҳаётхон воқеа жойини синчиклаб кўздан кечирди. Шамол эсиб, қум изларни кўмиб кетган, ашёвий далиллар деярли йўқ эди. Шунда экспертнинг кўзи бир четда турган қозиққа тушди. Садир ота уни қўра эшигини маҳкамлашда ишлатар эди. Маҳоратли мутахассис шу қозиқни текшириб, унда Садир отага тегишли бўлмаган қўл бармоқ излари ҳам борлигини аниқлади. Дактилоскопик текширувлар натижасида гумон қилинувчининг шахси аниқланиб, ўғри топилди. У аввал ҳам ўғрилик содир этган, айни пайтда пробация назоратида турган маҳкум бўлиб чиқди.
Ҳозирги кунда маёр Ҳаётхон Нарзиев ўз вазифасини бажариш баробарида ёш экспертларга устозлик ҳам қиляпти. Чунки йиллар мобайнида тўплаган бой тажрибасини ва касб маҳоратини уларга ўргатишни ўз бурчи деб билади.
