Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлиги ҳамда тезкор-криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Азизбек Икрамов бошчилигида жорий йилнинг 1-август кунидан бошлаб “Хавфсиз маҳалла – хавфсиз хонадон” махсус-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
– Профилактик тадбирлар давомида ички ишлар органлари ходимлари ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда бевосита маҳаллалар кесимида “хонадонбай” иш олиб бормоқда, – дейди вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари, капитан Исмоилжон Шарипов. – Айниқса, жиноятчилик салмоғи юқори бўлган “қизил” тоифадаги маҳаллаларга эътибор қаратилиб, жиноят содир этишга мойил ҳар қандай шахс билан манзилли чора-тадбирлар, профиликтик тушунтириш ишлари олиб бориляпти.
Мазкур тадбирлар Фарғона шаҳридаги маҳаллаларда ҳам уюшқоқликда ташкил этиляпти. Жумладан, шаҳарнинг Абдулла Қодирий мавзесида патрулъ-пост хизмати ходимлари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини олиб бордилар.
Тадбир жараёнида шу ҳудудда яшовчи кекса бир аёл спиртли ичимликка ружу қўйган ўғлини даволатишда амалий ёрдам сўради. Аёлнинг мурожаатига асосан унинг ўғлига маъмурий баённома расмийлаштирилиб, наркология диспансерига жойлаштирилди.
Пробасия ҳисобида турган шахслар ҳам эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Шу тоифадаги шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, жазо ўташ тартиб-қоидалари тушунтирилмоқда. “Шодиёна” маҳалласида эса пробасия назоратида турган шахслар ички ишлар органлари ходимларининг аралашувчи билан ишга жойлаштирилди.
“Хавфсиз хонадон” тамойили асосида ўзи ёлғиз яшовчи нуронийларнинг яшаш шароити ўрганилиб, зарур амалий ёрдам кўрсатилди. Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ташаббуси билан муросасизлик юзага келган ёш оилалардан бири яраштирилди.
Шунингдек, шаҳардаги 10 га яқин автокорхона ва шоҳбекатларда ҳайдовчилар билан автомашиналарни қаровсиз қолдирмаслик, транспорт воситаларини олиб қочиш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш бўйича огоҳлантирув суҳбатлари ҳам ташкил этилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
Ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
