Муборак тумани ИИБ Ташкилий бўлинмаси Навбатчилик қисми негизида “Мониторинг маркази”га уланган “Хавфсиз шаҳар” ягона интеграциялашган тизими ишга туширилди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов иштирок этиб, туман секторлар кесимида жиноятларни барвақт аниқлаб, олдини олиш, содир этилганларини фош қилиш, қонунбузарликларга барҳам бериш борасида бажарилган ишларни атрофлича муҳокама қилди. Масъулларга криминоген вазияти оғир масканлар, жиноят ўчоқларига, туман марказидаги барча жамоат жойларида, энг аввало мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, савдо дўконлари, бозорлар, маъмурий бинолар қўриқловини кучайтиришда сўнгги русумдаги видеокузатув мосламаларини босқичма-босқич ўрнатиш топшириғи берилди. 

Шунингдек, Янги йил байрами арафасида Муборак туманида ташкил этилган арча атрофида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва фавқулодда ҳодисаларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасида ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти ўрганилди.  

Тадбирга жалб этилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ички ишлар органлари ходимларининг куч ва воситаларни тўғри жойлаштириш, Янги йил байрамини тинч ва осуда ўтказиш борасида масъулларга тегишли тавсия ва йўриқномалар берилди.

Ўз мухбиримиз.

Қашқадарё вилояти.