Аввало, мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига эътибор қаратилди. Ҳовли ва мактаб атрофи тўлиқ тартибга келтирилиб, яшил ҳудуд кенгайтирилди. 800 туп мевали ҳамда манзарали дарахтлар, 1200 дан ортиқ гул кўчатлари экилди. 

Инфратузилмани яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Мактаб ҳудудига 120 тонна шағал ва қум ётқизилиб, ер майдонлари текисланди. Айниқса, мактаб олдидан ўтувчи катта йўлда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш мақсадида пиёдалар йўлакчаси чизилиб, замонавий светофор ва сунъий қавариқ тўсиқ ўрнатилди. Қолаверса, спорт зали жорий таъмирланиб, 20 та кураш гилами ва 22 турдаги бошқа спорт анжомлари билан таъминланди. Таэквондо, қўл жанги, волейбол ва теннис каби спорт турлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кенг имконият яратилди.

Мактаб ҳудудига замонавий видеокузатув тизимлари – юздан таниб олиш функсиясига эга бўлган 360 градусли ҳамда автомашина рақамларини аниқловчи камералар ўрнатилгани ҳам эътиборлидир. Негаки, бу нафақат тартиб-интизомни таъминлаш, балки фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш имконини кенгайтиради. Яқин келажакда синфхоналарни ҳам тўлиқ овозли камералар билан жиҳозлаш ва барча тизимларни ягона назорат марказига интеграция қилиш режалаштирилган.

Таълим жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси» ташкил этилди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган ушбу хонанинг йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўрганишдаги аҳамияти катта бўлаётир.

Хуллас, вилоят ИИБ ташаббуси билан таълим муас­сасасида амалга оширилган ишлар ушбу масканда замонавий, хавфсиз ва қулай муҳит яратиришга хизмат қилмоқда. Зеро, таълимга киритилган сармоя келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.