Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида хивалик А.Б. интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш, мамлакатимиз ҳудудида фаолияти тақиқланган диний экстремистик ташкилотлар сафида иштирок этиш билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. 

У “Инстаграм” ва “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Солиҳ_1998_” номли профиллари орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган “Тавхид ва жиҳод катибаси”, “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”, “Жиҳодчилар” террористик ҳамда “Хизбут таҳрир” экстремистик ташкилотларининг маълумотлари акс эттирилган ҳамда ақидапараст ва террорчи гуруҳларга нисбатан ҳайрихоҳлик уйғотиши мумкин бўлган Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ домла, Тоҳир Йўлдош, Абдували Қори, Маҳмуд Абдулмўмин, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар ва бошқаларнинг маърузаларини тарқатган. 

Шунингдек у тақиқланган материалларни юртимизга олиб кириш, таёрлаш, сақлаш ва тарқатишни қўллаб-қўвватлаб келган. Шу билан бирга, “Телеграм” месседжерида “Раднойла” номли канал очиб, ушбу ва бошқа каналларга тақиқланган видеоларни жойлаштириб, ўзаро муҳокама қилиб, турли хил даъватлар қилиб, мазкур ноқонуний ҳатти-ҳаракатларида хивалик танишлари Р.Б. ҳамда С.М.ларни ҳам фаол иштирок этишга ундаб келган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бекзод КАРИМОВ,                            

катта лейтенант.