Оила боши, устуни катта лейтенант Озод Авазов айни пайтда Навоий шаҳар ИИБ Ташкилий бўлими Навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси. Унинг турмуш ўртоғи катта лейтенант Ситора Ахматова эса Навоий шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори.
Иккаласи ҳам Навоий давлат университетида Психология йўналишида таълим олишди. Биргаликда дарсларга қатнашди, имтиҳонларга тайёргарлик кўришди. Шу аснода бир-бирларига кўнгил қўйиб, тақдирларини боғлашга аҳд қилишди. Буни қарангки, энди елкама-елка туриб, эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишяпти.
– Оилада ишонган ва суянган инсонинг хизматда ҳам ҳамроҳ бўлса, бу икки карра бахт. Мен шу маънода жудаям бахтиёр аёлман. Гоҳо шундай вақтлар бўладики, бир хонадонда яшаб, бир неча кун кўришмаймиз. Аммо бир-биримизни тушунамиз, хизматдаги машаққатларимизни ичдан ҳис этамиз. Ўзаро тушунишимизни, ишончимизни оиламизнинг мустаҳкам пойдевори деб биламиз. Ҳам хизматдаги, ҳам турмушдаги барча қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишимизга ишонаман, – дейди катта лейтенант Ситора Ахматова.
Ҳақиқатан ҳам, Ситора баъзида тунги назорат рейдларига жалб этилади. Ёшлар ва вояга етма-ганларни бемақсад тунда кўчада юрмаслиги, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги чораларини кўради. Уларнинг ота-оналари билан профилактик ишлар олиб боради. Шундай пайтда уни турмуш ўртоғи тушунади, қўллаб-қувватлайди.
– Дастлаб фаолиятимни инспектор-психологликдан бошлаганман. Ходим-ларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш, муаммоларини ўрганиш, руҳий ва жисмоний зўриқишларининг олдини олиш мақсадида турли суҳбатлар ва семинар-тренинглар ташкил этардик. Психологик ўйинлар, машғулотлар ташкил этишда Ситорадан кўп маслаҳат олардим. У бўлса ҳужжатлар юритувида, ҳуқуқий масалаларда мендан ёрдам сўрарди, – дейди катта лейтенант Озод Авазов.
Улар хизматда билма-ганларини устозларидан сўраб, зиммаларидаги вазифаларини сидқидилдан бажариб, оилада меҳр-у муҳаббат оғушида, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб тушуниб, ҳурмат қилиб, ҳаёт кечиришяпти. Иккаласини бирга кўча-кўйда кўрган танишлари: «Кўз тегмасин, бир-бирларига худди узукка кўз қўйгандек ярашибди» , – дейишади.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
