Бир неча кун илгари интернет тармоқларида “ИИБ ходимлари билан жанжал” сарлавҳали видеохабар тарқалган эди. Бу видеотасвирларни кўриб “Наҳот ички ишлар ходимлари бир бегуноҳ одамни ортидан қувиб, уни калтаклаган бўлса”, деган нотўғри хаёлга борган айрим тармоқ кузатувчилари соҳа ходимларини қораловчи, уларнинг обрўсига путур етказувчи шарҳларни ҳам қолдириб улгурдилар.

Айрим қўштирноқ ичидаги блогерлар ҳам кузатувчиларни ўз каналларига жалб қилиш мақсадида ушбу видеотасвирга бир ёқлама ёндашиб, фикр билдиришди ва ўринсиз шов-шув тарқатишди.

Аслида воқеа қандай бўлган эди? Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати шу мавзуда махсус лавҳа таёрлаб, воқеа тафсилотларини тўла-тўкис, рўю рост ёритиб берди.

– Интернетда шов-шувга айланган мазкур ҳолат жорий йилнинг 17 август куни Фурқат туманида содир бўлган, – дейди Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари, катта лейтенант Исмоилжон Шарипов. – Профилактика инспекторлари маъмурий судловга боришдан бош тортиб, қочиб юрган О.ни жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани суди томонидан мажбурий тартибда келтириш ҳақидаги ажрими асосида олиб келиш учун боришганида, фуқаро ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.

Боз устига, унинг отаси ва укаси ҳам воқеа жойига етиб келиб, бақир-чақир қилиб, томоша уюштиришган. Ходимларнинг хизмат фаолиятига қаршилик қилиб, ҳақоратлаб, хизмат кийимларини йиртиб, уларга тан жароҳати етказишган.

Аслида улар ходимларнинг қонуний талабига бўйсуниб, жанжаллашмай, суд органига бирга боришганида, содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун енгилгина жазо олишар, вазият бу қадар чигаллашмас эди. Аммо ундай бўлмади. Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ортидан жиноят ҳам содир этишди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан О. ва унинг яқин қариндошлари, отаси ва укасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми, яъни ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш билан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан улардан 2 нафарига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.