А. Алининг (исмлар ўзгартирилди) кейинги кунларда иши юришмай, аламини ичкиликдан оладиган бўлди. Бу етмагандай хотинининг жаврашлари суягидан ўтиб кетарди. Шу боис ҳам у кўпинча сармаст юрарди. Ана шундай кунларнинг бирида Воҳид исмли киши билан танишиб қолди.

    – Сен, ишлайман, десанг, танишлар бор. Харажатидан қочмасанг бўлди, –дея Али Воҳидни қойил қолдирди. Чунки Воҳид у айтган “Э.Э.” хорижий компанияда ишга кираман, деб, икки йилдан бери овораи сарсон бўлиб юрганди. Ҳаттоки, кўзларига ишонмай қайта-қайта сўради.

    – Ука, биз кичкина одам эмасмиз. Бу юришимни ҳисобга олма. Мана, эшитдинг. 600 Ақш доллар берсанг, олам гулистон экан, – деди Али илжайиб.

    – Уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрай, эртага жавобини айтаман, – деди Воҳид ва офисиантни чақирди.

    ...Воҳиднинг ярим тунда уйқуси қочиб, узоқ ўйланди. Рост-да, икки йилдан ортиқроқ югур-югур қилиб, охири “қўлини ювган” корхонадан бир зиёфат эвазига иш топилса, ҳамма ҳам шошиб қолади. Кейин обдан ўйлаб, яна фирибгар бўлиб чиқмасин, деган шубҳа унга тинчлик бермади. Шунинг учун у ўйланиб: “Агар у мендан олдин телефон қилса, фирибгардир”, деган қарорга келди. 

    Ҳақиқатан ҳам, соат саккиз яримларда Али қўнғироқ қилиб, маслаҳат нима бўлганини сўради. Воҳид ҳали гаплашмаганини ва кечгача аниқ жавобини айтишини билдирди. “Бўлмаса, кечга яна зиёфатга тушаркансан-да?” деди Али...

    Воҳид ноилож жиянининг ҳуқуқ-тартибот органида ишлайдиган таниши билан учрашиб, бу масалага нафақат ойдинлик киритди, балки ўзи “тадбир”да иштирок этмоқчилигини маълум қилди.  

    Шундай қилиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Когон шаҳар бўлими ҳамда шаҳар ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарларнинг қилмишига чек қўйди. Яъни А.Али ва “Э.Э.” хорижий компаниясида ишловчи С.Г.лар компанияга ишга қўйиш эвазига 600 Ақш долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланишди. 

   Мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.    

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.