Тупроққалъалик М. Олим таниши С.Комилнинг хорижга ишга кетмоқчи эканлигини эшитиб, унинг уйига боради. Меҳмоннинг беғараз ёрдамидан боши кўкка етган хонадон соҳиби дарҳол унинг олдига дастурхон ёзиб, иззат-икром кўрсатади.

 Хуллас, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган Олим дўстининг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Финландия давлатига ишга юборишга ваъда беради. 

Унинг гапларига ишонган Комил эртаси куниёқ барча ҳужжатларини тўплаб, Олимнинг қўлига тутқазади. Дўстининг соддалигидан фойдаланган фирибгар эса орадан кўп вақт ўтмасдан, унга қўнғироқ қилиб, иш битганлигини, эвазига 3 минг 600 Ақш доллари беришини айтади. Унинг ҳатти-ҳаракатларидан шубҳаланган Комил бундай катта миқдордаги пули йўқлигини билдириб, ундан узр сўрайди. Аммо, Олим танишларига ваъда қилинган пулни тезда топиб бериши лозимлигини баҳона қилиб, тинчлик бермайди. Унинг ҳийлаларидан безиган Комил эса, охири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади.

 Шу тариқа, дўстини Финландия мамлакатига ишга юбормоқчи бўлган Олим келишилган пулнинг 600 Ақш долларини олаётган пайтида ашёвий-далил билан қўлга олинади.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.