Урганч шаҳридаги «Ишга марҳамат!» мономарказида «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва ижтимоий реабилитация қилиш ишларини мувофиқлаштириш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Унда вилоят ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари, вилоят ҳокимлигининг Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ижтимоий мослашув маркази масъул ходимлари ҳамда ҳуқуқшунос ва психологлар иштирок этишди.
Семинар-тренингда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Н. Қўшчанова, Республика реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ходими
Д. Шодиева, вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, капитан
С. Худойберганова, «Диалог» нодавлат нотижорат ташкилоти координатори М.Бекмирзаев, вилоят оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи М.Отажонова, тренер-эксперт Д.Тўхтасиновалар сўзга чиқиб, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик мезонлари, уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳар қандай кўринишдаги зўравонликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтишди.
– Аёллар билан боғлиқ муаммоларни қанча эрта аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрсак, жамиятимизда содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг, турли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олган бўламиз, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғининг ўринбосари, капитан Севара Худойберганова. – Мазкур семинар-тренингда айнан шу масалалар очиқ ва ошкора таҳлил қилинди. Турли таклифлар, фикрлар билдирилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинар-тренингда барча иштирокчиларга лойиҳа мақсади ва вазифаларини тарғиб қилувчи материаллар тарқатилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
«Постда» мухбири.
Хоразм вилояти.
