Ватан сўзидек қутлуғ калом, она юртга хизмат қилишдек олийжаноб амал йўқдир. Ватанни ҳимоя қилиш эр йигитнинг шарафли иши, ор-номуси саналади. Бинобарин, ички ишлар органлари соҳасида ҳам юрт осойишталиги йўлида кўксини қалқон қилиб, хизмат чоғида вафот этган ходимлар ҳамиша халқимиз хотирасидан мудом ўчмайди. Қизилтепа туманидаги 7-умумтаълим мактабида мазкур туман Иибнинг марҳум ходимлари капитан Абдураззоқ Бобомуродов ҳамда сержант Муҳиддин Самиэвларнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Ватан қаҳрамонларининг оила аъзолари, туман ҳокимлиги муцаддилари, маҳалла фаоллари ва шу мактабнинг ўқувчилари иштирок этган хотира кечасида ўқувчилар ижодидан марҳум капитан Абдураззоқ Бобомуродов ҳамда сержант Муҳиддин Самиэвларга бағишланган шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Мазкур мактабда таълим олган ватан қаҳрамонлари билан боғлиқ воқеалар, уларнинг унутилмас жасорати оила аъзолари, синфдош ва хизматдошлари томонидан хотирланди. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик ҳиссида тарбиялашда ижобий самара кўрсатиши шубҳасиз.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
