«Коллежда ўқиб юрган вақтларимда вояга етмаганлар бўйича инспектор аёл келиб, турли тадбирлар, суҳбатлар ўтказарди. Ҳаммасидан ҳам унинг эгнидаги ўзига ярашиб турган либоси диққатимни тортарди. Шу-шу, тунда шунақа форма кийиб юрганимни хаёл қилиб ухлардим. Коллежни тамомлаб, вилоят Иибга ҳужжатларимни топширдим. Уч йил деганда кўп синовлардан ўтгач, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хизмати бошқармасига ишга қабул қилиндим. Ўша кун мен учун энг бахтли, энг омадли кун бўлиб хотирамда қолди».
Ички ишлар органларидаги илк фаолиятини ҳаяжон билан эслаган сафдор Мадина Шобердиева бугун вилоят Йҳхбда маъмурий амалиёт бўлинмаси кичик инспектори сифатида хизмат вазифасини олиб бормоқда. Ўта тиришқоқ ва меҳнацевар сафдор йўл-патрулъ хизмати ходимлари томонидан тақдим этилган баённомаларни расмийлаштиришни ҳам шундай аниқлик ва чаққонлик билан бажаради.
Мадина спортнинг шотакан карате-до ва муай-тай турлари билан шуғулланади. Болалигидан спорт машғулотларида чиниққан қаҳрамонимиз мамлакатимизда ўтказилган кўплаб чемпионатларда, турнирларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган. Хусусан, 2022-йилда муай-тай бўйича Бухорода ташкил этилган халқаро турнирда ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди.
– Спорт менга нафақат иродали, балки сабр-тоқатли бўлишни ҳам ўргатди, – дейди Мадина Шобердиева. – Бу жиҳатлар ҳаётда энг кўп керак бўлар экан. Турли вазиятларда ҳамма нарсани вазминлик билан енгган инсонгина ютаркан.
Ички ишлар органларида хизмат қилишнинг ўзига яраша қийинчиликлари, масъулияти бор. Шу боис Мадинани турмуш ўртоғи доим қўллаб-қувватлайди. Аслида, аёл киши учун энг асосийси шу. Қаҳрамонимиз ҳам ўз оиласини қадрлашга, ҳамма нарсани яқинларининг розилиги асосида бажаришга ҳаракат қилади. Ахир, иноқлик, ўзаро аҳилликнинг асоси бир-бирини аяш, тушунишга бориб тақалади.
Ўзи ҳам, сўзи ҳам хушчақчақ сафдор Мадина Шобердиева ҳамкасбларининг меҳрини, ҳурматини қозониб улгурган. У энди ИИВ Академиясида таҳсил олиб, олий маълумот олишни ният қилган. Аҳдига содиқ, мақсади сари дадил қадам ташлайдиган ёш ходиманинг ниятлари ушалишини истадик.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
