“Айтадиган гўзал сўзи, қиладиган амалларига муносиб киши ахлоқлидир” деган эди файласуфлардан бири. Бинобарин, жамиятимизда фойдали меҳнат билан банд бўлиб, ватанимизнинг гуллаб яшнаши учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган инсонлар кўпчиликни ташкил қилади. Таассуфки, орамизда гап-сўзидан хулқи яхши, оқил инсон кўрингани билан номаъқул ишларни ўзига касб қилиб оладиганлар учраб турибди.
Яқинда Навоий халқаро аэропортига 4365-сонли рейс билан “Экатеринбург-Навоий” йўналиши бўйича учиб келган, асли бухоролик Т.Ғ вилоят ИИБ ТХТБ ҲПБ ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли текширув ўтказилади. “Хиаоми Редми Ноте 9Т” русумли телефон аппарати хотирасида 657та порнографик ҳамда зўравонлик, шавқацизликни тарғиб қилувчи видео ва расмлар борлиги аниқланди.
Мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларига асосан бу каби материалларни тайёрлаш, тарқатиш ҳамда намойиш этиш белгиланган тартибда жаримага сабаб бўлади. Шу ўринда фуқароларимизга айтиб ўтиш лозимки, мамлакатимизга ташриф буюрган шахслар орасида қўл юкларини атайин алмаштириб олиш ва ўзларига тегишли бўлмаган юкларни ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, юклар орасида зўравонлик ва шавқацизликни тарғиб қилувчи турли кўринишдаги маълумотлар ҳамда махсус лисензияси бўлмаган диний адабиётларнинг борлиги жиноий жавобгарлик ҳолатларини келтириб чиқаради.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
